Университет талабаларининг шахсий ижодий асарлари кўргазмаси ташкил этилди

Ижод аҳлини азал-азалдан “ўзга олам вакиллари” дейишади. Улар оддий инсонлар тасаввурига сиғдира олмаган ёки ҳис қилмаган табиат овозларини, манзараларини кўра олишади, эшитишади. Хусусан, мусаввир ва ҳунармандлар яратган асарлар томошабин назарига тушгач яна жонланади. 

Халқаро таълим дастурлари факультети талабаси Мекка Рўзиева ва Санъатшунослик факультети талабаси Феруза Рўзиеванинг “Нурли ижод” номи остида шахсий ижодий асарларидан иборат кўргазма Ўзбекистон Республикаси Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими кўргазмалар залида ташкил этилди. Очилиш маросимида талабаларнинг ўзига хос иқтидори эътироф этилиб, самарали ижодий фаолият учун Ўзбекистон Республикаси Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлимининг дипломи билан тақдирланди.

Кўргазмада опа-сингил ижодкорларнинг 50 дан ортиқ асарлари намойиш этилмоқда. Мекка Рўзиева, асосан, табиат, натюрморт, манзара жанрларида ижод қилса, Санъатшунослик факультети талабаси Феруза Рўзиеванинг антиқа сопол буюмлари ташриф буюрувчиларни ўзига жалб қилмоқда.