ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН РЕКТОР ТАБРИГИ

Муҳтарам профессор-ўқитувчилар, азиз талабалар, қадрли ишчи-ходимлар!

Жамият ҳаётида байрамларнинг алоҳида ўрни бор. Негаки, байрамлар, аввало, кишилар орасидаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ришталарини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади. Қолаверса, байрамлар инсон руҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, унинг турмуши ва фаолиятида янги муваффақиятлар қозонишига хизмат қилади. Жумладан, биз ҳар йили ўзгача шукуҳ билан нишонлайдиган янги йил байрами ҳам қалбларга сурур, руҳиятга кўтаринкилик бағишлаши билан катта аҳамият касб этади. Шу қутлуғ фурсатда университет жамоасини янги 2024 йил билан қутлашдан беҳад мамнунлик ҳис этаман. Байрам арафасида барчангизга самимий меҳр ва ҳурматимни билдириб, эзгу тилакларимни изҳор қилишдан бахтиёрман.

Янги йил остонасида ортга назар ташлаб, йил давомида эришилган ютуқлар салмоғидан қувониш байрам файзига файз қўшади. Шукрки, университетимиз йилдан-йилга зафарли марраларга эришишни давом эттириб, улкан натижаларга эришмоқда. Хусусан, ўтиб бораётган 2023 йилда ҳам университетимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва улар бераётган натижалардан барчамиз фахр туямиз. Айниқса, бизнинг асосий вазифамиз бўлган малакали мутахассислар тайёрлаш ва фан-техника тараққиётидаги иштирокимиз ҳам тугаб бораётган йилда сезиларли даражада юқорилади.

Шу ўринда йил давомида талабаларимиз эришган ютуқларни ҳам таъкидлаб ўтишни жоиз биламан. Улар турли соҳаларда мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида ўтказилаётган қатор танлов ва мусобақаларда муносиб иштирок этиб, ифтихор этса арзигулик натижаларга эришмоқдалар. Хусусан, 20 га яқин талабаларимизнинг 2023/2024 ўқув йили учун бакалавриат босқичининг Президент ҳамда номли давлат стипендиялари ғолиблари сафидан жой олгани, қолаверса, қатор спортчи талабаларимизнинг Ўзбекистон ва Халқаро миқёсда ўтказилган мусобақаларда юртимиз байроғини юксакларга кўтараётгани фикримизни далиллайди. Албатта, талабаларимизнинг илмий-ижодий фаолиятидаги ютуқларда, аввало, Сиз, азиз устозларнинг заҳматли меҳнатларингиз борлигини эътироф этиш жоиз.

Бундан ташқари, профессор-ўқитувчиларимизнинг дарслик ва ўқув қўлланмалари сони ошди. Жумладан, жорий йилда 120 дан ортиқ ўқув қўлланма, 50 дан зиёд дарсликлар яратилди. Уларнинг айримлари энг яхши дарслик ва ўқув қўлланма сифатида вазирлик, тегишли кенгашлар ва мамлакатимиз олий таълим муассасаларидаги олимлар томонидан эътироф этилди. Дарслар ўқув-услубий мажмуалар ва зарурий адабиётлар билан таъминланди. Шунингдек, йил бошидан ҳозирга қадар профессор-ўқитувчиларимиз томонидан 75 та монографиянинг чоп эттирилиши илмий соҳада эришилаётган салмоқли ютуқларимиздан ҳисобланади.

2023 йилда ўтган йилларга нисбатан илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш самарадорлиги ҳам сезиларли ўсди. Йил давомида университетимизда 8 нафар олим фан доктори (DSc) ва 42 нафар тадқиқотчи фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилишди. Шунингдек, янги йил арафасида яна бир қатор тадқиқотчиларнинг ҳимояси бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шу билан бирга, 50 дан зиёд профессор-ўқитувчиларнинг илмий унвонларга эга бўлиши илмий салоҳиятнинг янада юқорилашига ҳисса қўшди.

Таъкидлаш жоизки, университетимиз қиёфаси ҳам жаҳон стандартларига мос равишда ўзгариб бормоқда. Янги ўқув бинолари, спорт мажмуалари, талабалар турар жойлари, кутубхона, ёшлар марказларининг бунёд этилиши, амалга оширилаётган ободончилик ишлари, аввало, Сиз азиз устозларга қулайлик яратиш ва талаба-ёшларнинг сифатли ҳамда замонавий билим олишлари учундир.

Сўзим якунида Сизларга, аввало, ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этиб, қутлуғ қадамлар билан ташриф буюраётган Янги 2024 йил билан самимий табриклайман. Барчангизга чин қалбимдан сиҳат-саломатлик, тинчлик-омонлик, бахт-саодат, хонадонларингизга хотиржамлик ва фаровонлик тилайман.

Янги йилда Сизларга янги омадлар, янги ютуқлар, янги ғоялар ҳамда янги имкониятлар ҳамроҳ бўлсин!

Дилмурод НАБИЕВ,

Қарши давлат университети ректори