“Жавоҳирот” китобхонлар қўлида

26-апрель куни вилоят мусиқали драма театрида филология фанлари доктори, профессор Нафас Шодмоновнинг “Жавоҳирот” деб номланган янги китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда тарихчилар, адабиётшунос олимлар, соҳа мутахассислари, бадиий сўз ихлосмандлари, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Тақдимотни Республика Манавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Комила Каромова кириш сўзи билан очиб берди. У ўз сўзида мазкур нашрнинг бугунги кундаги аҳамияти, унинг ёш авлод маънавияти ва маърифатига ижобий таъсири ҳақида тўхталди.

Шундан сўнг, фалсафа фанлари доктори, профессор Санжар Чориев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, тиббиёт фанлари номзоди Қилич Нурмухаммад, филология фанлари доктори Шаҳобиддин Нуриддинов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси филология фанлари бўйича фалсафа доктори, Муяссар Тиловова “Жавоҳирот”дан ўрин олган асарлар талқини, муаллифнинг ғоявий нияти хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

“Жавоҳирот” китобидан ўрин олган “Абу Райҳон Беруний” ҳамда “Абу Муин Насафий” номли икки драма жаҳоншумул аҳамиятга молик шахслар ҳаётига доир эпизодларни бадиий жилвалантириши билан ўзига хосдир. Китоб Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан нашрга тайёрланиб, Тошкент шаҳридаги “Адабиёт” нашриётида 1000 нусхада чоп этилди. Тадбир доирасида китобдан ўрин олган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилган “Абу Муин Насафий” спектакли ҳам намойиш этилди.