Университет ўқитувчилари Туркиянинг Эге университетида стажировка ўташди

Жорий йилнинг 8-22 апрель кунлари Қарши давлат университети Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири Н.Очилов ва доцент Х.Файзуллаев Туркиянинг Эге университети Адабиёт факультетида стажировка ўташди. Стажировканинг дастлабки кунида Эге университети Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Пинар Федакар қабулида бўлиб, икки олийгоҳ ўртасида тузилган меморандум бўйича мулоҳазалар олиб борилди.

Шунингдек, Адабиёт факультети декани, профессор Юсуф Аёну ҳамда Турк тили ва адабиёти кафедраси мудири, профессор Селами Федакар билан учрашув ўтказилди. Мулоқот давомида Селами Федакар кафедранинг профессор-ўқитувчилари, умумий тузилмаси, илмий тадқиқот ишлари, ҳамкорлик алоқалари борасида маълумотлар бериб ўтди.  Қарши давлат университетининг ташкилий тузилмаси, Филология факультети кафедралари, уларнинг истиқболли режалари, жумладан, Ўзбек тили ва адабиёти кафедрасининг ўқув- услубий, илмий ва маънавий-маърифий ишлари борасида ҳам маълумотлар алмашилди. Ҳамкорлик масалалари борасида бир қатор келишувларга эришилди. Проффессор Селами Федакар ва кафедра профессори Фатиҳ Улкен билан “Жанубий Ўзбекистон ва туркий халқлар фольклори ва шевашунослиги” илмий лабораторияси билан илмий соҳада ҳамкорлик алоқаларини давом эттириш борасида ҳам сўз борди.

Шунингдек, стажировка мобайнида профессорлар Гуллу Арач, Фатиҳ Улкен, Йилмаз Озкая, Селами Фидакар ва бошқа профессор-ўқитувчиларнинг турк мумтоз адабиёти, турк модерн адабиёти ва турк фольклори фанлари бўйича олиб борган маъруза машғулотларини кузатиб, таҳлилий хулосалар қилинди. Стажировка давомида Н.Очилов Адабиёт факультетининг Турк тили ва адабиёти йўналиши 2-босқич талабаларига “Туркий халқлар фольклори ва унинг ўрганилишининг ҳозирги ҳолати” мавзусида, Х.Файзуллаев 1-босқич талабаларига “Ўзбек ва турк модерн адабиётининг назарий масалалари” маъруза машғулотларини ўтишди. Машғулотлардан бўш вақтда мавзуга доир адабиётлар, илмий тадқиқот ишлари билан танишилди.

Стажировка якунлари ва фаолияти бўйича Адабиёт факультети жамоаси ва профессор-ўқитувчилари томонидан ҚарДУ ўқитувчиларига сертификатлар топширилди. Стажировка натижасига кўра, Эге университети Адабиёт факультети ва Қарши давлат университети Филология факультети Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўртасида ўқув, илмий тадқиқот соҳаларида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. “Жанубий Ўзбекистон ва туркий халқлар фольклори ва шевашунослиги” илмий лабараториясида Профессор Селами Фидакар билан “Эрик куйчи репертуари ва унинг сақланиш ҳолати” мавзусида ҳамкорлик лойиҳаси устида ишлаш режалаштирилди.

Эге университетининг Скопос базасида мавжуд “Миллий фольклор” журналига “Достончилик анъаналари ва унинг бугунги сақланиш ҳолати” мавзусидаги илмий мақола топширилди. Шартномага мувофиқ, Эге университети профессори Селами Федакар “Фольклоршунослик ва шевашунослик” таълим йўналиши талабаларига машғулотлар ўтиши режалаштирилди. 2025 йил апрель ойида Қарши давлат университети Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ва Эге университети Адабиёт факультети Турк тили ва адабиёти кафедралари ўртасида “Туркий халқлар фольклори ва шевашунослиги масалалари” мавзусида халқаро конференция ўтказиш режалаштирилди.